Ёзёвон туманида пахта тайёрлаш шартнома режаси республикада биринчи бўлиб бажарилишига шубҳа билан қаровчилар ҳам бўлди. Илгари кўп кўрганмиз, режани бажарган туман, хўжалик эртасига пахта топширишда бирдан пастлаб кетарди. Сабаби, қарзга тўлдириларди-да! Лекин пахта топшириш бўйича Ёзёвон нафақат вилоятда, балки республикада карвонбошиликни қўлдан бермай келаётгани шубҳаларга ўрин қолдирмади. Чунки пахта режаси 112 фоидан ўтгунча ҳам Ёзёвон туманида кунига 2 фоиздан оширилиб пахта тайёрланди. Кейинги кунларда ҳам кунлик ўсиш 1,5 фоиздан камайгани йўқ.
Фарғона вилояти пахтакорларининг эришган улкан ғалабаларига бағишлаб ўтказилган «Фарғона пресс клуб» сессиясида ҳам Ёзёвон тумани фермерларининг 2019 йилда қўлга киритган ютуқлари алоҳида эътироф этилди.
Пресс клуб сессиясида туман ҳокими Й.Бойигитов бошлиқ бир гуруҳ илғор фермерлар вакиллари иштирок этдилар ҳамда Ёзёвон тажрибасини ўртоқлашдилар.
Эришилган катта ғалаба ортида халқимизнинг катта меҳнати ётибди. Ана шу меҳнатлар самараси ўлароқ Ёзёвонга барака ёғиляпти. Барака бардавом бўлсин!
Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ.