- Қарор ва ижро   1 344

МАТБУОТ ХИЗМАТИ: ТАЛАБ ВА ВАЗИФАЛАР

Илгарилари давлат органлари ва ташкилотларда матбуот хизмати номигагина эди. Матбуот котиблигига эса бу соҳадан узоқ кишилар қўйиб қўйиларди. Ҳуллас, исми бор, ўзи йўқ хизмат эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 27 июндаги «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Президент қароридан сўнг бу соҳада жиддий ўзгаришлар бўлди. Вилоят, туман, шаҳар ҳокимликларида, ташкилотларда матбуот хизматлари ташкил этилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси ташаббуси билан туман, шаҳар ҳокимликлари, бошқарма ва ташкилотлар ахборот хизматлари раҳбарлари учрашуви ташкилланди.

Учрашув кун тартибида Ахборот хизматида иш юритиш ва ҳужжатлар билан ишлаш, расмий веб-сайтлар таҳлили, уни юритиш бўйича тавсия ва талаблар, ижтимоий тармоқларда ахборот юритиш, ахборот хуружларига қарши муносабат билдириш тартиблари ҳақида бошқарма бошлиғи Умиджон Жабборов батафсил тўхталди. Кўрилган масалалар қизғин муҳокама қилинди.

Учрашувда Президентимизнинг 4366-қарори мазмун-моҳияти унинг ижросини таъминлаш, ахборот хизматларининг асосий ва муҳим вазифалари, давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларда жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш бўйича қизғин баҳс-мунозаралар бўлди.

Шаҳар ва туман ҳокимлари расмий веб-сайтларининг бугунги ишининг аҳволи учрашувда таҳлил этилиб, мавжуд камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Кўрсатиб ўтилган камчиликларни тезда бартараф этиш юзасидан тавсия ва йўриқномалар берилди.

Тадбир сўнгида декабрь ойида ўтказиладиган «Энг яхши ахборот хизмати» танловини ўтказиш ва унинг ташкилий томонлари, рағбатлантириш масалалари келишиб олинди.

Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ,

туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари – ҳокимнинг матбуот котиби.