- Жамият, Қарор ва ижро   1 236

БИР КРЕДИТ ҲАНГОМАСИ

Биз қаламга олаётган ҳолат давлат идорасида ишлайдиган кимларнингдир оддий ҳақиқатни тушунмаганлиги оқибатида каттагина муаммога айланган ва кўпчиликни сарсон қилган воқеадир.

 2018 йили сентябрь ойида туманимизга навбатдаги республика ишчи гуруҳи ташриф буюрган ва туман истироҳат боғида меҳнат ярмаркаси ўтказилганди.  Шунда кўпчилик қатори қизим Ҳаётхон чеварчилик қилиш мақсадида 36 ойга йиллик 7 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 2093750 сўмга кредитга тикув машинаси олди.  Ундан яхшигина фойдаланиб, тўловларини ҳам вақтида амалга ошириб юрди.  

 Бу орада қизимни турмушга бердик. Табиийки, тикув машинасини ҳам ўзи билан бирга олиб кетди. 2019 йил август ойида уйга Акциядорлик тижорат Халқ банки Ёзёвон филиали бошқарувчиси С. Марипов имзоси билан №725 рақамли огоҳлантириш хати келди. Хатда банк ва мижоз ўртасида тузилган шартноманинг 3,3 банди қўпол равишда бузилганлиги, яъни Марказий банкнинг ишчи гуруҳи аъзолари томонидан  ажратилган кредит маблағи мақсадсиз сарфлангани аниқлангани, банк ходимлари томонидан бир неча бор оғзаки огоҳлантирилишларга қарамай сўндирилмай келаётгани айтилган. Шу сабабли, кредит қолдиғи бўйича 1673000 сўм, фоизидан 2000 сўм, жами 1675000 сўм қарздорликни тўлаши, акс ҳолда суд орқали ундирилиши ҳақида огоҳлантирилганди. Қизим билан учрашиб, унинг кредит маблағларини ўз вақтида тўлаб бораётганини, тикув машинасини ишлатиб келаётганини билдим. Шунингдек, қизим Марказий банк ишчи гуруҳидагилар билан бирорта марта ҳам кўришмаганини айтди. Сўнг Халқ банки туман филиали раҳбари С. Марипов ҳузурида бўлиб, унга ҳолатни тушунтирдим. Аммо у мижоз ҳақлигини, лекин юқори ташкилоти топшириғини бажармасликка ҳақи йўқлигини айтди.

 2019 йил 13 сентябрда  № 4655-хат билан даъвогарлар республика Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Халқ банки туман филиали фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, мижоз Каримова Ҳаётхон томонидан шартнома шартлари бажарилмаётгани сабабли жавобгар ва қўшимча жавобгар Халқ суғурта МЧЖ Фарғона филиалидан қарздорликни ундириб беришни, ишни кўриш билан боғлиқ ҳаражатларни жавобгар зиммасига юклашни сўраганлар.

 Бу иш Марказий Фарғона МФЙда очиқ сайёр судда кўриб чиқилиб, суд жавобгар кредит суммаларини ўз вақтида тўлаётгани, тикув машинаси унинг тасарруфида ишлаётганини аниқлаб, мижознинг ҳақлигини исботлаб берди. Суд ишини кўриш харажатларини даъвогарлар зиммасига юклади.

 Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Марказий банк вакиллари томонидан ўтказилган текшириш номигагина бўлгани мижозга юборган хатларида ҳам акс этиб туради. Халқ банкидагилар эса   тикув машинаси олган қирққа яқин мижозларга бир хилда огоҳлантириш хати юборишган. Буни Каримова Ҳаётхон номига юборилган огоҳлантириш хатидаги “АТ Халқ банки Ёзёвон филиали билан Каримова Ҳаётхон Исоқжонова ўртасида 27. 09. 2018 йилда тузилган 649- сонли кредит шартномасига асосан чеварчиликни ривожлантириш мақсадида 36 ой муддатга йиллик 7 % устама ҳақ тўлаш шарти билан 26 000 000 (Йигирма олти миллион) сўм кредит ажратилган” жумлаларидан ҳам билса бўлади.   

Чунки 2018 йилдаги Халқ банки туман филиали раҳбари У. Алқосимов имзоси билан берилган тўлов жадвалида мижоз 7 фоизли устама  қўшиб ҳисобланганда  жами 2361377 сўм тўлов қилиши кўрсатилган.

 Афсуски жамиятимизда бунақа ҳолатлар кўп учрайди. Кимнингдир лоқайдлиги, масъулиятсизлиги орқасидан кимдир жабр кўради, сарсонгарчиликлар кўпаяди. 

      Исҳоқжон КАРИМОВ,

     журналист.