- Жамият, Ислоҳот, Туман янгиликлари, Турфа олам   470

МАҲАЛЛАБАЙ ИШЛАШ ТИЗИМИ ўз натижасини кўрсатяпти

Ярим йиллик, тўққиз ойлик якунида Ёзёвон туманида фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари, фаол аёллар, ёшлар етакчилари рейтинг натижалари бўйича вилоятда юқори ўринни эгаллаб, биринчиликни қўлга киритишди. Бу Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган маҳаллабай ишлаш тизимининг тўғри эканлигининг натижаси, албатта.

Туманимизда ташкилланган навбатдаги пресс тур ҳам айнан маҳаллабай ишлаш тизимида амалга оширилаётган ишларга бағишланди. Тадбир иштирокчилари бўлган “Зўр” ТВ, “Рухсор” ТВ мухбирлари, журналист ва блогерлар, туман ҳокими ўринбосарлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари ҳамкорлигида Қорасоқол МФЙдаги тадбиркорлик субъектларида бўлдилар.

“Аъзам ота” оилавий корхонаси тумандаги кўп тармоқли корхоналардан саналади. Бу ерда пенаблок, шлакоблок ишлаб чиқариладиган цехлар, замонавий обжувоз, яқинда ишга туширилган кушхона ишлаб турибди. Корхона қорамолчилик фермасида 60 бош новвос боқиляпти.
Прес тур иштирокчилари кушхона фаолияти, қассобхоналарга гўшт етказиш жараёни билан танишдилар. Фермада бўлган иширокчилар боқувдаги новвослар, уларнинг рациони қандай тайёрланишига қизиқдилар.

Тилаволди Маскопов бош бўлган тўқувчиликка ихтисослашган корхонада иш кооперация усулида ташкилланган. Бу ерда ўндан зиёд турли дафтарларда турган хотин-қизлар ишлашади.
–Корхонани ҳоким ёрдамчиси билан маслаҳатлашиб, очдик, – дейди тадбиркор. – Ускуналарга туман ҳокимлиги ёрдам берди. Маҳсулотларимизни ҳозирча ички бозорда сотяпмиз. Келгусида корхонани кенгайтириб, маҳсулотларни экспортга йўналтириш ниятида.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати мажлислар залида пресс тур якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманини туман ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Азимжон Худойқулов олиб борди. Анжуманда туман ҳокими Дилшоджон Джалилов Ёзёвонда ҳар жабҳада эришилаётган ютуқлар замирида Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсат, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижаси, бирдамлик, ишни тўғри ташкил этиш, ишсизликни камайтириш борасидаги изчиллик ҳақида гапириб, иқтисодий соҳадаги ижобий ўзгаришларга тўхталди.
–24 мингта иш ўрни яратишни вазифа қилиб олгандик, – дейди туман ҳокими. – Тўққиз ойда 16 минг киши ишга жойланди. 2700 нафар турли дафтарларда турувчи аҳоли вакилларига 10 сотихдан, жами 270 гектар ажратиб берилиб, бандлиги таъминланди. Иккинчи босқичда 180 гектар майдонни бўлиб бердик. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 1175 нафар фуқарога 24 млрд. 52 млн. сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар берилди.

Тадбирда сўз олганлар туманда тадбиркорларга яратилган қулай шароитлар туфайли мана шундай ютуқларга эришилаётгани, буни Ёзёвонга келаётган нуфузли меҳмонлар ҳам эътироф этаётгани ҳақида гапирди.

Матбуот анжуманида туман ҳокими ўринбосарлари Акрамжон Эралиев, Мирзоҳид Хатамов, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бош мутахассиси Бўрибой Омонзода иштирок этдилар.

“МАРКАЗИЙ ФАРҒОНА” МУХБИРЛАРИ.