- Жамият, Маънавият, Турфа олам   447

УСТОЗ ЖУРНАЛИСТ БИЛАН УЧРАШУВ

26 октябрь куни Фарғонада бўлиб ўтадиган анъанавий II Фарғона халқаро конференцияда Америка Қўшма Штатлари, Япония, Корея Республикаси, Хитой, Россия, Туркия, Исроил, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг етакчи журналистлари, депутат ва сенаторлар, олимлар қатнашадилар.

Халқаро анжуман қатнашчилари Самарқанд вилояти ҳокимлигининг ,,Зарафшон»-,,Самаркандский вестник» бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, Олий Мажлис сенати аъзоси, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, ,,Адолат сари» газетаси муҳаррири Садриддин Набиев ,,Марказий Фарғона» газетаси таҳририятида бўлдилар.
Таҳририятда меҳмонлар газета тарихи билан танишиш жараёнида бош муҳаррир хонасида ходимлар ва ёзёвонлик ижодкорлар билан дилдан суҳбат қурди.

Устоз журналист Фармон Тошев бугунги ўзбек журналистикасининг ютуқ ва муаммолари, айниқса босма нашрларнинг аҳволи, Ёзёвонда газета ва муассис ҳамкорлиги ҳақида гапирди.
–Ҳоким ва муҳаррирнинг қарашлари муштараклиги муҳим,–деди меҳмон.–Қани энди ҳамма жойда ҳам шундай бўлса.

Самимий мулоқотда иштирок этган туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Акрамжон Эралиев ҳокимлик ва газета ўртасидаги ҳамкорлик натижасида эришилаётган ютуқлар ҳақида меҳмонларга гапириб берди. Фахрий ижодкор Аҳмаджон Исмоилов Ёзёвонда газетанинг обрўси, ижодкорлар билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилганлиги ҳақида гапирди. Учрашув ниҳоясида таниқли журналист янги ғазалларидан ўқиб, Ёзёвонга алоҳида келишини таъкидлади.

Меҳмон ҳақида маълумот:
Сенатор Фармон Тошев 1954 йил 6 апрелда Самарқанд вилояти Пахтачи туманида туғилган.

1975 йилда Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, 2010-2014 йилларда ва 2020 йилдан буён Олий Мажлис Сенати аъзоси. 2014 йилдан Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси Самарқанд вилоят бўлимини бошқариб келмоқда.

“Қарнабчўл қўшиғи” номли биринчи китоби 1994 йилда нашр этилди. Шундан сўнг шоирнинг “Онанг тирик, болам”, “Мен ёмғирли кунда келаман”, “Қарнабота армони”, “Журналистнинг нони қаттиқ”, “Отамнинг сабоқлари”, “Умрнинг ўртаси”, “Ўзимдек яшашни истайман”, “Бедаво кўнгил”, “Соғинч”, “Омонат”, “Кўнгил билан суҳбат” сингари турли жанрлардаги китоблари нашр этилди.

Фармон Тошев “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланган.

«Марказий Фарғона» мухбирлари.